Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Маҳалла раислари ўртасида “Шеър - азиз олам аро” шеърхонлик Республика танлови ўтказилди
26 Aug 2019
Жорий йилнинг 24 август куни Туркистон санъат саройида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда маҳалла раислари ўртасида “Шеър - азиз олам аро” шеърхонлик танлови ўтказилди.

Маҳалла – инсонни жамият билан уйғун яшашга ўргатадиган, ёшларни эзгу қадриятларга эш этиб тарбиялайдиган маскан. Халқимиз минг йиллар давомида маҳалла бағрида бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб келмоқда.

Тарих нуқтаи назаридан қараганда арзимас фурсатдек туюлган сўнгги икки-уч йил орасида халқ фаровонлиги, мамлакат ривожи, одамлар розилиги йўлида амалга оширилган ишлар, ислоҳотлар самарасига назар ташланса, бу муддат тарих силсиласида нақадар муҳим аҳамият касб этишини илғаш қийин эмас. Жумладан, фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқаришнинг чинакам халқона институти сифатида жамиятимизда мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда. Маҳаллалар ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажариши учун барча ҳуқуқий асослар, етарли шарт-шароитлар яратилмоқда.

Шу ўринда аҳоли орасида урф-одат, қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодга етказиш, айниқса, кишиларнинг онгу шуурини янгиликлар ва яхшиликлар билан бойитиш, уларда китобхонлик маданиятини оширишда ҳам маҳалла институти, унга етакчилик қилаётган маҳалла раисининг роли беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бадиятга, шеъриятга ошнолик, китобга муҳаббат инсонни камолот сари етаклайди, бундай сифатларга эга бўлган маҳалла раислари бошқараётган маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарор, турли салбий ҳолатлардан холи бўлади.

Шу боисдан ҳам аҳоли орасида китобхонликни кенг тарғиб қилишда маҳалла институтининг ролини кучайтириш, фуқаролар йиғинлари раисларининг танловдаги фаол иштироклари орқали маҳалла аҳлининг китобхонлик ва шеъриятга бўлган қизиқишларини ошириш, ижодкор, шеъриятга ошно бўлган маҳалла раисларини рағбатлантириш ва муносиб тақдирлаш мақсадида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгашининг қўшма қарорига асосан мамакатимизда илк маротаба “Маҳалла раислари ўртасида шеърхонлик танлови” 3 босқичда юқори савияда ташкил этилди.

Ушбу танлов “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами арафасида ўтказилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрамига қизғин тайёргарлик кўрилаётган айни кунларда танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари якунланиб, навбат республика босқичига етиб келди.

Танлов Низомига кўра 1-шарт асосида иштирокчилар – ўзларининг Ўзбек мумтоз адабиётини қай даражада билишлари ва уларнинг ижодидан намуналарни ёддан ўқиш истеъдодларини намойиш этдилар. Танловнинг “Ифодали ўқиш” деб номланган иккинчи шартида эса иштирокчилар ўзлари истаган замонавий ўзбек шеърияти ёки жаҳон шеърияти дурдоналаридан (жумладан, ўзининг ижодидан намуналар бўлса) ўқидилар. Танловнинг дастлабки туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичлари маҳаллаларимизда адабиётга меҳр қўйган, қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан, илм-фан, маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, адиб ва шоирларнинг маънавий мероси, ижодий фаолияти ҳамда ибратли ҳаётидан яхши хабардор раислар кўплигини кўрсатди. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, танловнинг жорий йил июль ойининг иккинчи ўн кунлигида ўтказилган туман (шаҳар) босқичларида маҳаллалараро саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган жами 1784 нафар, адабиётга, шеъриятга ихлосманд, бадиий ижод билан шуғулланиб турадиган маҳалла раислари иштирок этдилар.

Жорий йил август ойининг биринчи ўн кунлигида танловнинг ҳудудий – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари ўтказилиб, уларда шаҳар, туман босқичлари ғолиблари бўлган 200 нафарга яқин иштирокчилар қатнашдилар. Қизғин баҳслашувлар билан ўтган ҳудудий босқичларнинг 14 нафар ғолиблари танловнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика босқичига йўлланма олдилар. Ҳудудий тадбир жараёнларида маҳаллалар фаолиятига оид фотоальбомлар, плакат ва стендлар, ҳунармандчилик ишлари, миллий либослар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Бир сўз билан айтганда, “Маҳалла раислари ўртасида шеърхонлик танлови” танлови маҳаллаларда адабий муҳитни шакллантириш, қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан, илм-фан, маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, адиб ва шоирларнинг маънавий мероси, ижодий фаолияти ҳамда ибратли ҳаётини ўрганиш, маҳалла аҳлининг китобхонлик ва шеъриятга бўлган қизиқишларини маҳалла раисларининг танловдаги фаол иштироки орқали ошириш, ижодкор, шеъриятга ошно бўлган маҳалла раисларини рағбатлантириш, ўзаро тажриба алмашиш мактаби сифатида ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

Жорий йилнинг 23 август куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Дўрмон” ижод уйида танловнинг республика босқичига тайёргарлик жараёнлари (репетиция) ўтказилди. Шу куннинг ўзида тайёргарлик жараёнидан сўнг танлов қатнашчилари учун республикамиздаги таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирокида ижодий кеча ўтказилди.

Танловнинг республика босқичи бугун 24 август куни Тошкент шаҳридаги Туркистон саройида ўтказилди. Унда 14 нафар ҳудуд ғолиблари иштирок этди. (Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги 14-07/1-4061 сонли йиғилиш Баёнига асосан)

Танловнинг республика босқичида иштирокчилар томонидан “Ижодим сенга маҳаллам” деб номланган 3-шарт ҳам намойиш этилди. Ушбу шартга кўра иштирокчилар томонидан ўзлари яшаб, фаолият олиб бораётган маҳалла, ундаги маънавий-маърифий муҳит ҳақида қисқача саҳна кўриниши (жамоавий) намойиш этилди.

Танловда 1-ўринни Бухоро вилояти Ромитан тумани “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилдор Жумаева, 2-ўринни Тошкент вилояти Бўка тумани “Кўкорол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ориф Пўлатов, 3-ўринни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Чилонзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муталов Оманулла қўлга киритдилар.

Шунингдек, танловнинг барча шартларида юқори ўринларни қўлга киритган маҳалла раислари махсус диплом Ёзувчилар уюшмаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. Тадбир давомида таниқли санъаткорларнинг чиқишлари танловга байрамона шукуҳ бағишлади.
Манба: mahallakengashi.uz / Кўришлар: 20

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech