Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Маҳалла одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши лозим
25 Jul 2019
Икки-уч йил ораси... Тарих нуқтаи назаридан қараганда, бу муддат арзимас фурсатдек туюлади. Бироқ шу вақт ичида бир бутун халқ фаровонлиги, мамлакат ривожи, одамлар розилиги йўлида амалга оширилган ишлар, ислоҳотлар сарҳисобига бир қур назар ташланса, бу муддат тарих силсиласида нақадар муҳим аҳамият касб этишини илғаш қийин эмас. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда юз бераётган туб ўзгаришлар бу ҳақиқатни яна бир бор исботлаётир.

Шундай одамлар бор, улар илғор ташаббуси, азму шижоати ва энг муҳими, юксак маънавий фазилати туфайли оламшумул воқеаларга сабабчи бўлади, асрларга татигулик ишларни бошлаб беради. Бугун юртимиз аҳли Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатларини кўриб, кузатиб ана шундай хулосага келади. Эътибор беринг: қабул қилинаётган ҳар бир фармон ёки қарорда, ҳудудларга ташрифларда, маърузаларда фақат бир маслак бот-бот тилга олинади: «халқимиз ишончини қозонишимиз, уларни рози қилишимиз лозим». Бу бежиз таъкидланмаётир. Зеро, Ўзбекистонда янги давр шундай бошланди.

Халқимизда: «Самимият самимийликка чорлайди», деган гап бор. Яъни бундай ёндашув билан ҳамманинг эътиборини тортиб, қалбларни эзгуликка даъват этиш мумкин. Бугун давлатлар ўртасидаги муносабатлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, аҳоли билан мулоқотларда ана шу самимият яққол намоён бўлаётганини кўряпмиз. Энг асосийси, янгиланишлар мамлакат тараққиёти, одамлар бахту иқболи йўлида амалга оширилмоқда.

Бу жараёнда эса ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмаяпти. Хўш, ўтган қисқа фурсат ичида дунёда ўхшаши бўлмаган ноёб тизим — маҳаллалар ҳаётида қандай ўзгаришлар юз берди? Унинг мавқеи ва аҳамияти қай даражада ошди? Бугун одамлар маҳаллани ҳақиқатда ўзларига энг яқин тузилма сифатида ҳис қиляптими?

Ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланди

Маълумки, ҳар қандай ислоҳот тегишли ҳуқуқий асосга эга бўлсагина, самара беради. Шу маънода, ўтган икки йил давомида маҳалла институтининг вазифа ва ваколатларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тизимидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган ўттиздан зиёд ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Жумладан, 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши юридик шахс сифатида фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этилди. Республика кенгашига Бош вазир, ҳудудий кенгашларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари жамоатчилик асосида раислик қилиши кенгашларнинг нуфузи ва мақомини ошириш, аҳоли муаммоларини тез фурсатда бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётир.

2019 йил 2 апрелдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ҳам тизим фаолияти самарадорлигини янада ошириш, маҳаллани, том маънода, аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантиришда муҳим тарихий қадам бўлди. Ушбу фармон маҳалла раислари учун моддий ва маънавий имкониятлар яратиши билан бирга, фуқаролар йиғинига кенг ваколатлар бергани билан ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар билан эса йиғин ходимларининг вазифалари, ваколатлари белгилаб берилди.

Обод маҳаллада обод кўнгил бўлади

«Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди. Агар биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий юксалади. Буларнинг бари Ватанимизнинг ободлиги ва иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади».

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари айни шу мақсадларга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Бугун ушбу ҳаётбахш дастурлар мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилаётир.

Дастур доирасида уй-жойларни таъмирлаш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, ичимлик суви ва электр энергияси тармоқлари, маҳаллий ва ички йўлларни қуриш-таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Биргина ўтган йилнинг ўзида «Обод қишлоқ» дастури доирасида республиканинг 159 та туманидаги 417 та қишлоқнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланди.

Ҳокимлар маҳаллада ҳисобот беради

Маълумки, жамоатчилик назорати фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шакли ҳисобланади. Даставвал маҳаллалар, асосан, одамларнинг мурожаатлари асосида иш кўриб келган бўлса, эндиликда улар йилнинг ҳар чорагида туман, шаҳар ва вилоят ҳокимликлари раҳбарларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш ҳуқуқига эгадир. Бундай тадбирлар натижасида аҳоли томонидан билдирилган муаммолар ва камчиликлар ўз ечимини топмоқда.

«Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак!», «Боланинг бегонаси бўлмайди!», «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она», «Ўз болангни ўзинг асра!» каби даъватлар амалий ҳаракатга айланди. Президентимизнинг «қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм суради, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмайди», деган сўзлари йиғинлар фаолиятида дастуриламал бўлаётир.

Муаммолар уйма-уй юриб ўрганилмоқда

Қайд этиш ўринлики, ўтган муддат ичида маҳалла раисларининг мажбуриятлари билан бир қаторда, ваколатлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда уларни фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш, шунингдек, фуқаролар йиғинлари балансида бўлган биноларни бошқа шахсларга бириктириш ёки асоссиз равишда олиб қўйиш тақиқланади.

Аҳоли мурожаатлари ва муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишда «маҳалла — сектор — халқ қабулхонаси — маҳалла» принципи асосидаги ҳамкорлик тизимининг жорий этилгани, муаммолар бевосита уйма-уй юриб, кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилаётгани масъуллар зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқда. Маҳаллалар раислари ва масъул котибларининг ойлик маошлари оширилиши эвазига улар фаолиятининг самарадорлиги ҳам ортди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифалар амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшган ташаббускор шахслар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларига бериладиган «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилишини яна бир янгилик сифатида қайд этиш ўринлидир.

Раислар уч йил муддатга сайланади

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ ўзгаришлар ҳам тизимдаги муҳим ислоҳотлардан бири бўлди. Жумладан, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Қонун билан фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати уч йил қилиб белгиланди.

Шунингдек, фуқароларнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниб, маҳалла раиси сайловида яширин овоз бериш тизими ўрнатилди. Қонунга ушбу қоиданинг киритилиши юртдошларимиз характерида шаклланган андиша, бир-бировга ҳурмат каби фазилатларнинг жараёнга салбий таъсир қилишининг олдини олиб, йиғин раислигига ҳар томонлама муносиб номзоднинг сайланишини кафолатлайди.

«Маҳалла раиси келажакда ҳоким бўлиши мумкин, аммо ҳоким маҳалла раиси бўла олмайди»

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу таъкиди фаоллар зиммасидаги масъулият залвори нечоғли улкан эканини кўрсатади. Чиндан ҳам, бугун маҳалла раисларига катта ишонч билдирилган. Уни оқлаш, ишончга муносиб бўлиш учун тинимсиз меҳнат, фаоллик ва фидойилик талаб этилади. Зеро, маҳалла аҳлини ҳеч ким йиғин раисичалик яхши билмайди.

Эндиликда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини идорасида давлат хизматларини кўрсатиш хоналари ташкил этилади. Ушбу ташаббус фуқароларнинг мурожаатларию муаммолари маҳалланинг ўзида ечим топишини англатади. Аслида бу ташаббус замирида одамларга қулайлик яратиш, уларни ўйлантираётган масалаларни бугундан кечиктирмай ҳал этиш, пировардида турмуш даражасини яхшилашдек эзгу маслак мужассам.

Яна бир муҳим ташаббус — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун кадрларни тайёрлаш, уларнинг касбий билим, кўникма ва малакасини ошириш, кадрларни маҳалла бошқаруви жараёнига мақсадли тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат юридик университети ҳузурида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кадрларини тайёрлаш институтини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, тизимдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаради.

* * *

Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган ҳар бир ташаббус фуқароларни ўйлантираётган масалаларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш, маҳалла институтининг мавқеини ошириш, йиғин фаолларининг самарали ишлашини ташкил этишда қўл келади. Бундан эса бир мақсад кўзланган. У ҳам бўлса, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: «Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши лозим. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул — ҳаммасини билиши даркор. Ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — маҳаллани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан хабардор бўладиган масканга айлантиришдир».



Шавкат ЖАВЛОНОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши
бошқаруви раиси.
Манба: mahalladosh.uz / Кўришлар: 9

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech