Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Энг фаол кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи» кўрик-танловининг республика босқичидаги

ТАБРИК СЎЗИ

Ассалому алайкум, ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Азиз меҳмонлар!

Муҳтарам Президентимизнинг Конституция қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасида маҳалла институтининг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга қаратилган ишларни изчил давом эттиришда ушбу ноёб тузилманинг имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш масалаларига кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратдилар.

Шунингдек, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонда маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинларини жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги кунда маҳаллалар Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган «Маҳалла институтининг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, «Адолат тарозиси»га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди» деган устувор вазифалари асосида одамларнинг ўз муаммо ва таклифларини билдирадиган идорага айланиб бормоқда.

Энг муҳими, маҳалла ходимларининг уйма-уй юриб, одамларимизнинг ҳаётий муаммоларини ўрганаётгани, уларнинг турмуш ташвишлари ва қувончларига шерик бўлиб, дардини тинглаётгани, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашаётгани бу тузилма ҳақиқатдан ҳам халқ бошқарувининг ноёб механизми сифатида шаклланганидан далолатдир.

Натижада, фуқаролар йиғинларининг жамият ҳаётидаги мавқеи, нуфузи янада мустаҳкамланиб, ижтимоий кўмаклашувнинг энг адолатли ва таъсирчан институти, демократия дарсхонаси, дея эътироф этилмоқда.

Эътироф этиш керакки, қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилган бўлса, ҳар бир фуқаро билан яқин ижтимоий ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, ўзаро тушуниш ва қўллаб-қувватлаш муҳити ҳукм сурмоқда, нохуш ва кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўйилмаяпти.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, маҳаллалар ҳар бир оилада ва бутун жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ҳам маънан, ҳам жисмонан қилиб тарбиялаш, оилавий низоларнинг олдини олиш каби кўплаб вазифаларни шараф билан бажариб келмоқдалар. Бунинг учун мамлакатимиздаги барча маҳалла фаолларига самимий миннатдорчилик билдираман.

Айни пайтда, Муҳтарам Президентимизнинг кўрсатмалари асосида ташкил этилган фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари - кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар бугунги кунда 8 982 та маҳаллаларда фаолият олиб бормоқдалар.

Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қариялар – хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси” деган мақол ва ҳикматли сўзлар бежизга айтилмаган. Чунки, қайси хонадонда нуроний отахон ёки онахон бўлса, бу оилада албатта файзу барака, фаровонлик ва аҳиллик бўлиши барчамизга маълумдир.

Ҳақиқатан ҳам, кексаларимиз хонадонларимиз кўрки ва авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятлар ва анъаналаримиз, бебаҳо меросимизнинг донишманд эгаларидир. Уларнинг ҳикматлар хазинасига тўла сўзлари, босиб ўтган ибратли ҳаёт йўллари барчамизга чинакам сабоқдир.

Бирор эзгу ишга қўл урмоқчи бўлсак, аввало, кексаларимизнинг олдидан ўтамиз, уларнинг фотиҳаларини олишга, тавсияси, йўл-йўриқларига кўра ҳаракат қилишга одатланганмиз. Чунки нуронийлар «оқ йўл» берган иш хайрли якун топиши ва албатта, юксак самаралар келтириши ҳаётда кўп бора ўз тасдиғини топган.

Энг асосийси, маҳаллаларда оилавий маросимлар ва тўй-ҳашамларни дабдабасиз, ихчам ҳолда ўтказиш, жойларда ўтказилаётган тўй ва маросимларда ортиқча сарф-ҳаражатларга олиб келаётган ҳолатларни олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда Сиз азиз Муҳтарам отахон ва онахонларнинг хизматлари беқиёсдир.

Шу боис, кексаларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёшларга намуна қилиб кўрсатиш, ёшларнинг кекса авлод вакилларига бўлган ҳурматини янада ошириш ҳамда илғор тажрибаларини оммалаштириш, рағбатлантириш ва муносиб тақдирлаш мақсадида ташкил этилаётган «Энг фаол кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи» танлови энг нуфузли тадбирлардан биридир.

Мазкур тадбир Ватан учун қанчадан қанча қийинчиликларни бошидан кечирган кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, уларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, ёшларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолияти атрофлича таҳлил этиш имконини беради.

Бундан ташқари, хонадонларимизнинг файзи бўлган мўътабар кексаларимизнинг фаровон ва муносиб ҳаёт кечиришлари, тенгдошлари билан ўзаро мулоқот қилишлари ва дам олишлари учун қулайлик яратиш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, кўнглини кўтариш, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни янада кучайтиришга қаратилади.

Бошқача айтганда, маҳаллаларнинг жамиятда тутган ўрнини амалда намойиш этади, йиғин ходимлари ўзларига билдирилаётган юксак ишонч ва рағбатга қай даражада лойиқ эканликларини исботлайдилар.

Бугунги танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тадбирларда энг яхши натижаларга сазовор бўлган, муносиб 14 нафар маслаҳатчилар иштирок этишмоқда. Шунингдек, танлов ўзаро тенглик, ошкоралик, адолат тамойиллари ва албатта, иштирокчиларнинг фаоллиги асосида ўтишига ишонаман.

Шу билан бирга, танлов қатнашчиларига муваффақият тилаган ҳолда, фурсатдан фойдаланиб барча-барчангизни янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барка, ўзаро меҳр-оқибат, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Қутлуғ айём – Наврўз умумхалқ байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Эътиборингиз учун раҳмат!



Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech